Ўзбекистон Республикаси Президенти Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазирини қабул қилди

| Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 март куни Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Россия ҳукуматлараро комиссияси ҳамраиси, Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазири Максим Орешкинни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари, шунингдек, кўп қиррали амалий ҳамкорлик жадал ривожланиб, изчил мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида мамнуният билан қайд этди.

Мунтазамлик касб этган олий даражадаги алоқалар ва давлат раҳбарлари ўртасидаги ишончга асосланган мулоқот, мамлакатларимиз идоралари, ҳудудлари ва ишбилармон доиралари ўртасидаги шериклик ва алмашувлар жадаллашгани савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-техник ва маданий-гуманитар соҳалардаги самарали ҳамкорликни ниҳоят даражада оширишга хизмат қилди.

Россия Президенти Владимир Путиннинг ўтган йил октябрь ойида Ўзбекистонга давлат ташрифи ҳамкорликни янги амалий мазмун билан бойитгани қайд этилди.

2018 йил якунларига кўра, ўзаро савдо ҳажми 20 фоиз ошиб, қарийб 6 миллиард долларга етди. Россиянинг етакчи компания ва банклари иштирокида, жумладан, энергетика, нефть-газ, кимё, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, озиқ-овқат ва бошқа кўплаб тармоқларда йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Ўзаро мулоқотнинг янги кўп даражали формати, яъни икки давлат Бош вазирлари раҳбарлик қиладиган Икки томонлама ҳамкорлик бўйича қўшма комиссиянинг ташкил этилиши, ҳеч шубҳасиз, кўп қиррали шерикликни кенгайтириш бўйича эришилган келишувлар самарадорлигини ошириш ва уларни ўз вақтида рўёбга чиқаришга хизмат қилиши таъкидланди.

Ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари қаторида мамлакатимиз ҳудудларида Россия компаниялари иштирокида агрокластерлар ва логистика марказлари ташкил этиш, Ўзбекистон мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотларини Россия бозорига катта миқдорда улгуржи нархда етказиб бериш бўйича янги тизим жорий этиш, ҳудудлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун қулай шароитлар яратиш, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида ўзаро алмашувларни кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш қайд этилди.

Россия иқтисодий ривожланиш вазири Президентимиз Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ҳамда Ҳукумат раиси Дмитрий Медведевнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Максим Орешкин Ўзбекистонда мамлакатнинг барқарор тараққиётини таъминлаш, иқтисодиётни либераллаштириш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, инвесторларни ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳолади.

Россия ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш, турли соҳаларда истиқболли қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун бундан буён ҳам зарур чоралар кўришга тайёр экани таъкидланди.

ЎзA

Кўришлар сони:666