Жиззахдаги ҳарбий қисмда ўтказилган тадбир мавзуси огоҳликка қаратилди

| Тадбирлар

Жиззах шаҳрида жойлашган Чегара қўшинларига қарашли «Н»-сонли ҳарбий кисмдаги  «Яқин Шарқ минтақасида содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар, хусусан, араб ва ислом дунёсининг тарихий марказларидан бўлган Ироқ ва Сурия давлатларида фаолият юритаётган жангариларнинг хунрезликлари» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда ҳарбий хизматчилар, шартнома асосидаги сержант ва аскарлар, хамда муддатли ҳарбий хизматчилар иштирок этдилар.

Тадбирда ҳарбий қисм командирининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари подполковник сўнгги вақтларда Ироқ ва Сурияда содир бўлаётган кўплаб воқеа-ҳодисалар, жумладан, мазкур мамлакатларнинг катта қисмини эгаллаб,  ИШИД (Ироқ ва Шом ислом давлати), каби ном остида «халифалик давлати» ни эълон қилган жангари гуруҳларнинг фаолияти, амалга ошираётган хунрезликлари ҳақида сўз борди.

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, бугун мазкур жиноий гуруҳ фаолиятига оид маълумотлар дунё бўйлаб шиддат билан тарқалиб, кенг жамоатчилик эътиборини ўзига жалб этмоқда, омма орасида ҳадик ва хавотир уйғотмоқда.

Ушбу воқеалар негизида авваллари кузатилмаган геосиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва информатсион аҳамиятга эга бўлган сабаблар мавжуд бўлиб, бугунги тезкор ахборот оқими уларнинг янада шиддатли тус олишига олиб келмоқда. Хусусан, ахборот тарқатиш манбаларининг кун сайин ортиб бораётгани, жангарилар ўз мақсадлари йўлида интернет ва ижтимоий тармоқ сайтларидан устамонлик билан фойдаланаётгани ҳам муаммонинг янада долзарблигини англатади.

Чунки бундай жиноий ҳаракатлар киберкенгликда катта катта маблағлар эвазига ўз қабиҳ ғояларини тарғиб этишга интилмоқда. Бу эса ўз навбатида мўмай даромад ортидан қуваётган кўплаб ахборот манбаларига ҳам қўл келмоқда. Кейинги вақтларда интернетнинг ижтимоий тармоқларида миллатчилик, сепаратистик, этник ва миллатлараро зиддиятлар келтириб чиқарадиган мазмундаги сайтлар кўпайиб бораётгани, бундай сайтлар жиҳод ғояси билан бирлашган террорчи гуруҳларнинг ташвиқотчиси сифатида ҳам фаолият кўрсатаётгани кун сайин ойдинлашмоқда.

Диний экстремизм ва фундаментализм, терроризм тўғрисида ахборотлар орқали жамоатчилик онги ва дунёқарашига таъсир этишга ҳаракат қилаётгани, маънавий ва руҳий оламига салбий таъсир ўтказаётгани ачинарли ҳол. Афсуски, ислом ниқоби ортига яширинган, жамият тараққиётига зид, тинчлик ва барқарорликка жиддий таҳдид солувчи бундай ахборот хуружлари таъсирига айрим юртдошларимиз ҳам тушиб қолиш ҳоллари учрамоқда.

Бу эса биздан маънавий-маърифий ишлар, тарғибот-ташвиқот ишлари самарадорлигини оширишни, шу юртда истиқомат қилувчи ҳар бир инсон онгида ватанпарварлик, мустақилликка садоқат туйғусини кучайтиришни, энг муҳими, мудом огоҳ бўлишни, ҳар қандай хавфга қарши бир тану бир жон бўлиб курашишни тақозо этади. Боиси, инсон маънавиятига йўналтириладиган, бир қарашда арзимас бўлиб туюладиган кичкина хабар ҳам ахборот оламидаги глобаллашув шиддатидан куч олиб, кўзга кўринмайдиган, лекин зарарини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайдиган улкан зиёнга айланади.

Давра суҳбатида масаланинг ана шу жиҳатлари ҳақида сўз борар экан, бу борада ҳарбийлар олдида турган вазифалар чуқур таҳлил қилинди.

– Ўзбекистон Республикаси мудофаа салоҳиятининг негизи бўлган Қуролли кучлар сафига диний экстремистик ғояларнинг кириб келишига, бу ғаразли, қабиҳ ғояларнинг ҳарбий хизматчилар онгига  таъсир ўтказишига йўл қўймаслик олдимиздаги асосий вазифа. Бу энг биринчи галда онгли равишда Ватан олдидаги хизмат мажбуриятларимизни сидқидилдан бажариш ва ҳушёрликни оширишдадир, – дейди тадбирда сўзга чиққан харбий кисм офитсерлари – Ишонаманки, Ватанни ҳимоя қилишни ўз зиммасига олган ҳар бир ҳарбий хизматчининг доимо сергак ва огоҳ бўлишиз, ҳарбий интизомга қатъий риоя қилиши бундай балолар бизга хавф туғдирмайди.

Давра суҳбатида иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан тайёрланган «ИШИД – 21 аср вабоси» номли хроник хужжатли филъми намойиш қилинди.

Филъмда ИШИДнинг тинч аҳолига ўтказаётган тайзиқлари, минг-минглаб бегуноҳ одамларнинг қонини тўкаётгани, бу эса бевосита мазкур мамлакатлардаги одатий ҳаёт тарзини издан чиқариб, қочқинлар сонининг кундан кунга ортиб, кўплаб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни келтириб чиқараётгани, бу муаммолар бевосита дунё ҳамжамиятининг хавфсизлигига жиддий таҳдид солаётгани тўла-тўкис очиб берилган.

Бу эса филмъмни томоша қилган ҳар бир ҳарбий хизматчида улар учун яратилган қулай шарт-шароитларга муносиб бўлишга, сарҳадларимиз даҳлсизлигини кўз қорачиғидек асраш, эл-юрт осойишталиги йўлида қалқон бўлиш, энг муҳими ҳарбий қасамёдига садоқат билан хизмат қилишга даъват этади.

Тадбирда эътироф этилганидек, огоҳлик – барқарорлик ва осойишталик гарови. Шундай экан, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшаш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигини унутмайлик.

 

А.Хусанов

Кўришлар сони:620